Yangiliklar

Тошкент вилояти: ёзги соғломлаштириш майдончалари ўқувчилар ихтиёрида

Тошкент вилоятида 2022 йил ёзги дам олиш мавсуми очилиши муносабати билан Юқори Чирчиқ туманида семинар ўтказилди.

Унда Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси ва “Баркамол авлод” болалар мактаби вилоят бўлими раҳбарияти иштирок этиб, соғломлаштириш майдончалари ва оромгоҳлар юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Туман-шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари ва шўъба раҳбарлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Қайд этилганидек, бу йил мактабларда ташкил этилаётган соғломлаштириш майдончаларида ёз бўйи ўқувчилар билан “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгарак раҳбарлари иш олиб боради. Мактаб ўқитувчилари мазкур майдончаларга жалб этилмайди. Семинар ўз ишини тугатгач, тумандаги 26-сонли мактабда ўқитувчи ва ўқувчилардан ташкил топган театр жамоаси томонидан машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди.

Бу йил 6 июндан вилоят халқ таълими тизимидаги мактабларда ёзги соғломлаштириш майдончалари ўз иш фаолиятини бошлайди. Бундан ташқари, халқ таълими тасарруфидаги 4 та стационар – “Сижжак”, “Офтобжон”, “Янги авлод” ва “Булоқча” каби ёзги дам олиш оромгоҳлари ҳам ёз давомида болажонлар ихтиёрида бўлади. Ушбу масканларда умумий ҳисобда 34 минг 560 нафар ўқувчи ёшлар дам олиб, ҳордиқ чиқариши режалаштирилган.

Мазкур масканларда “Бешта муҳим ташаббус” доирасида ўқувчи-ёшлар билан амалий ва таълим тарбиявий ишлар олиб борилади. Бунинг учун халқ таълими бошқармаси, вилоят Касаба уюшмалари бирлашмаси билан ҳамкорликда ҳудуддаги 17 та стационар оромгоҳларда аниқланган мавжуд эҳтиёжларга асосан тарбиячилар, мусиқа, спорт мураббийлари, тўгарак раҳбарлари ва кутубхоначи каби жами 427 нафар педагоглар жалб этилган.

Ёз мавсумини хавф-хатарсиз ўтказиш мақсадида вилоят Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги бошқармасининг белгиланган тавсиялари барча соғломлаштириш майдончаларига етказилган. Унга кўра, майдончалар фаолияти асосан эрталаб соат 8:00 дан 11:00 гача ташкил этилади. Иш фаолияти ушбу тавсияларга қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилмоқда. Айни пайтда, ҳудуддаги болаларнинг бўш вақтини самарали ўтказишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

;