Yangiliklar

"Баркамол авлод" болалар мактаблари ўқувчилари италия, россия, туркия, озарбайжон, қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро танловларда фахрли ўринларни эгалламоқда

Ёзги таътил даврида мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида республикамизда «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолият олиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, барча туманлардаги «Баркамол авлод» болалар мактабида ўқувчилар вақтларини мазмунли ўтказмоқда.

Жумладан, Юнусобод ҳамда Яккасарой тумани «Баркамол авлод» болалар мактабида малакали тўгарак раҳбарлари томонидан машғулотлар ташкил этилган. Биргина Юнусобод тумани «Баркамол авлод» болалар мактабида айни вақтда 1000 нафарга яқин ўғил-қиз робототехника, мехатроника, инженерлик, ментал арифметика, санъат, арт дизайн, ахборот технологиялари, Java, Scratch, 3D дизайн йўналишлари бўйича билимини бойитмоқда.

- Масканимизга Тошкент вилоятидаги мактаб ўқувчилари ҳам келиб, қирққа яқин тўгаракларга қатнашади,- дейди Юнусобод тумани «Баркамол авлод» болалар мактаби директори  Наргиза Ишанхожаева. - Муассасамиз ўқувчилари турли халқаро кўрик-танловларда фахрли ўринларни олиб келмоқда. Сўнгги ютуқларимиздан бири - ўқувчимиз  Муслима Ўткурова Россияда ўтказилган халқаро танловда каштачилик бўйича иштирок этиб, 1-ўринни эгаллади.

Яккасарой тумани «Баркамол авлод» болалар мактабида ҳам 1000 нафардан ортиқ болаларнинг эҳтиёж ва қизиқишларига асосида тўгараклар ташкил этилган. «Баҳор» болалар миллий рақс тўгараги, «Шарқ юлдузлари» тўгараги аъзолари турли халқаро танловларда, жумладан Италия, Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистонда бўлиб ўтган танловларда 1-2-3-ўринларга муносиб деб топилган. 

Қувонарлиси, мазкур муассасада 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган қизлар миллий ва замонавий рақс, бадиий тўқиш, каштачилик, мунчоқли безак, либос дизайни тўгаракларига, ўғил болалар эса доира, ёш дастурчи, робототехника, шахмат, майда пластика, кулолчилик каби кўплаб тўгаракларга қизиқиб қатнашмоқда. Тил ўрганишга иштиёқи баланд ўқувчилар эса рус ва инглиз тили тўгаракларида ўз билимини ошириб, ёзги таътилини мароқли ўтказмоқда.

;