Yangiliklar

Наманганда эзгу ташаббус: вилоятдаги барча раҳбарлар умумтаълим мактабларида бўлиб, юқори синф ўқувчилари билан мулоқотлар ўтказишмоқда

Ёшлар ҳаёти ва камоли, уларнинг ҳар жиҳатдан етук улғайиб, жамиятда муносиб ўрин топишига юксак эътибор қаратилмоқда. Хусусан, халқ таълимини ислоҳ қилиш бўйича Наманган вилояти ҳудудий Кенгашининг навбатдаги йиғилишида бу борада яна бир ташаббус илгари сурилиб, вилоятдаги барча даражадаги раҳбарлар, фаоллар томонидан умумтаълим мактабларида бўлиб, 10 – 11-синф ўқувчилари билан “Келажакдаги касбим” мавзусида тарбиявий мулоқотлар ўтказиш белгиланган эди. Мазкур ташаббус асосида барча соҳалар раҳбарлари вилоятдаги 710 та умумтаълим муассасаларида бўлиб, ёшлар билан яқиндан мулоқот қилмоқдалар. Суҳбат ва учрашувларда маърифат даргоҳларида таълим жараёнларининг ташкил этилиши, ўқувчи-ёшларга яратилган қулайлик ва имкониятлар, уларни истиқбол сари дадил одимлашга руҳлантириш масалаларига эътибор қаратилмоқда. Раҳбарлар ўз ҳаёт йўли, ибратли фаолиятига тўхталиш асносида жамиятнинг барча жабҳаларида эл-юрт равнақи йўлида самарали фаолият олиб бораётган турли соҳалар эгалари фаолиятини ибрат ва намуна қилиб кўрсатган ҳолда умумтаълим фанларини чуқур ва мукаммал ўрганиб, касб-ҳунарга бўлган орзу-мақсадлари рўёбига эришишга, ёшларни юрт эртасига муносиб улғайишга руҳлантираётган бўлса, ўқувчи-ёшлар ўз қизиқиш ва интилишларидан келиб чиқиб, саволларига жавоблар олишмоқда.

Ёшларни касбга йўналтириш, қизиқишлари рўёби йўлида қатъият билан одимлашга ундаш, истиқбол борасидаги мақсадларни қамраб олган учрашув-мулоқотлар 1 ва 2 декабрь кунлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги умумтаълим мактабларида ўтказилади.

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати

;