Ёшларни илму маърифатли, интеллектуал салоҳият соҳиблари сифатида Ватанга муносиб улғайтиришга қаратилган ташаббуслар кенг қамров касб этмоқда.
Ана шу мақсадда Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан Туран халқаро университети билан ҳамкорлик борасида дастлабки қадамлар қўйилди.
Халқ таълими бошқармаси раҳбарияти ва вакиллари иқтисодиёт, молия, маркетинг, ахборот технологиялари, логистика, туризм, педагогика, филология каби замонавий, ички ва ташқи меҳнат бозорида юқори талабга эга бўлган мутахассислар тайёрланадиган Туран халқаро университетида бўлиб, жараёнлар билан яқиндан танишдилар.
Университет таъсисчиси Аҳадхон Нажмиддинов олийгоҳда яратилган шарт-шароитлар, таълим жараёнлари, лаборатория ва АКТ борасидаги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таълим ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилаётган университетда илғор софт скиллс кўникмалари ва ахборот технологиялари бўйича чуқур билимлар шакллантирилаётгани таъкидлаб ўтилди. Университет ректори Гульнара Нурмуханова 12 та бакалаврият ва 6 та магистратура йўналишларида таҳсил олаётган 3000 нафардан зиёд талабаларга малакали хорижий ўқитувчилар ва етакчи маҳаллий амалиётчилар таълим беришаётганига тўхталди.
British Council ташкилоти, АҚШнинг ETS GLOBAL компанияси, Австралиянинг IDP, Жанубий Кореянинг Silla, Sejong, Hosan, Малайзиянинг Management and Science, Қозоғистоннинг Turan университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, Қозоғистон, Россия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Австрия давлатларидан юксак тажриба ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган халқаро мутахассислар олиб бораётган машғулотлар юқори сифат ва самардорликка эришишга хизмат қилмоқда.
Мулоқот жараёнида вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Анваржон Маҳкамов ўқувчиларнинг илму салоҳиятини ошириш, истиқболда ўзлари қизиққан йўналишларни танлаш имкониятини яратиш, алмашинув дастурлари асосида умумтаълим муассасалари ўқитувчиларини университетга, Туран мутахассисларини мактабларга жалб этиш, жараёнлар билан яқиндан таништириш мақсадида саёҳат ва пресс-турлар ташкил этиш каби мезонларни қамраб олган устувор режаларга тўхталиб ўтди.