Келажагимиз эгаларини илм-маърифатли, умумтаълим фанларини чуқур ва мукаммал эгаллаган, шунинг баробарида, фан ва касб-ҳунар тўгаракларида ўзини малака ва маҳорат бобида тоблаган эртанги кунга муносиб авлодлар сифатида камол топтиришга юксак эътибор қаратилмоқда.
Чортоқ туманидаги физика ва математика фанларига ихтисослаштирилган 48 - умумтаълим мактабида бу борада ўзига хос кенг қамровли ташаббуслар амалга оширилмоқда.
1155 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган умумтаълим муассасасида айни пайтда умумтаълим фанлари бўйича ўндан ортиқ, шунингдек, касб-ҳунар йўналишларида 20 дан зиёд тўгараклар фаолият олиб бормоқда.
Бу эса ўқувчилар учун таълим жараёнларида фанларни чуқур ва мукаммал ўрганиб келажак сари мустаҳкам замин яратиш баробарида ўзлари қизиққан касб-ҳунар бўйича машғулотларда малака ва маҳорат бобида тобланишларига имкон ятармоқда.
Мактабдаги 10 – 11 синф ўқувчилари сони ҳозирда 112 нафарни ташкил этади. Уларнинг 80 нафардан зиёди фан ва касб-ҳунар тўгаракларига қамраб олинган. Улар дарсдан кейинги бўш вақтларида чорвачилик, қолипли нон ишлаб чиқариш цехида, замонавий мебеллар корхонасида мунтазам фаолият билан шуғулланиб, малака ва маҳорат бобида тобланмоқдалар. Шунинг баробарида тикувчилик, тўқувчилик, зардўзлик, қандолатчилик, ошпазлик, токарлик, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчасида, кулолчилик ва инфографика дазайнида маҳоратини намойиш этиб, муносиб даромадга эга бўлаётган ўғил-қизлар оз эмас.
Ҳали мактабни битириб улгурмаёқ ҳаётда ўз ўрнини топган ўқувчиларнинг интилишлари бунинг ёрқин ифодаси. Ҳар куни дарсдан кейин қолипли нон ишлаб чиқариш цехида фаолият юритаётган 10-синф ўқувчиси Диёрбек Машраббоев ойига 2,5 – 3 млн сўм даромад топмоқда. Ота-онасига камарбаста бўлиб, ўз уйида 4 йилдан буён гулчилик билан шуғулланаётган 11-синф ўқувчиси Маъмуржон Қодировнинг саъй-ҳаракатлари ҳам эътирофга лойиқ.
Таълим даргоҳи жамоаси илм-маърифат ва касбу ҳунар билан келажак сари одимлашда ўзига хос ташаббусларга интилиб фаолият олиб бормоқда.