Yangiliklar

Фарғонада психологик тренинглар ўтказилмоқда

Фарғона вилояти Фурқат тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 36-мактабнинг амалиётчи психологи Танибердиева Дилафрузхон томонидан мактабнинг 7«А» синф ўқувчилари учун қизиқарли психологик тренинг машғулотлари ўтказилди.

Машғулотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад: янги ўқув йилида юқори синфларга ўтган ўқувчиларнинг мослашиш жараёнида юзага келадиган қийинчиликларини енгишда асқотадиган психологик тавсияларни тақдим этиш, шахслараро мулоқотда зиддиятли вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишдан иборат.

Тренинг машғулоти давомида дастлаб мактаб психологи томонидан ўтказиладиган мавзунинг моҳияти тушунтирилиб, ўқувчилар билан “Таништирув” ўйини ўтказилди. Шундан сўнг ҳар бир ўқувчининг тренингдан кутаётган натижалари аниқланиб, қизиқарли психологик ўйинлар ва фактлар орқали машғулотлар янада бойитилди.

Ўқувчилар машғулотлар давомида қизиқиш ва кўтаринки кайфиятда иштирок этдилар. Тренинг якунида ўзларини қандай ҳис қилаётганликлари ҳақидаги саволга ўқувчилар томонидан ижобий муносабат билдирилди.

;